Чиройли, гўзал, нафосатли маъносидаги исмлар
- Барно — ёш, навқирон, чиройли, ҳушбичим, ҳушқад. Арабча.
- Барчиной, Ойбарчин — ой юзли, ой чеҳрали қиз, иболи, ҳаёли, оқкўнгил, қалби пок, тоза. Ўзбекча.
- Бахора — кўкламда, баҳорда туғилган қиз ёки ҳаёти баҳордек гуллаган, яшноқ, гўзал, чиройли, кўркам, файзли бўлсин. Форс-тожикча.
- Бинафша — бинафша гулдек кўркам, нафис, сулув қиз. Ўзбекча.
- Гулбахор — баҳор гули, кўклам чечагидек дилбар, сулув, соҳибжамол, гўзал қиз, баҳорда уйғониш даврида туғилган қиз. Ҳаёти гулдек чиройли бўлсин маъносида. Форс-тожикча.
- Гулзода — гўзаллар наслига мансуб, ҳурлиқолар авлодидан бўлган қиз, гулдек нафис, латофатли, зебо ва сулув. Форс-тожикча.
- Гуллола — лоладек, лолагулдек чиройли қиз, лолалар очилганда туғилган қиз. Форс-тожикча.
- Гулнора — анор гулидек зебо, гул чеҳрали қиз ёки анор гуллаганда туғилган қиз. Форс-тожикча.
- Гулой — гулдек ва ойдек зебо қиз ёки гулдек яшнаган ва ойдек нурли, кўркам қиз. Форс-тожикча, ўзбекча.
- Гулраъно — қизил гулдек кўркам, гўзал, нафис, соҳибжамол, ўзидан чирой таратувчи қиз. Арабча, форс-тожикча.
- Гўзал — чиройли, зебо, сулув, латофатли, жозибали, назокатли. Форс-тожикча.
- Гуласал — гулдек гўзал, чиройли, нафис, латофатли ва болдек ширин, ёқимтой суюкли, азиз қиз. Арабча, форс-тожикча.
- Гулжамол — гулдек гўзал ҳусн соҳиби, ҳусни жамоли гулдек зебо қиз. Арабча, форс-тожикча.
- Гулжахон — бахтли кунлар, яъни бахтли, саодатли кунда туғилган. Ҳаётда бахтиёр, иқболи, порлоқ, тоълеи баланд бўлсин. Форс-тожикча.
- Гулноза — гул каби нафис, нозик ва нозли, жилвали гул, ёҳуд гўзал ва нозли қиз. Форс-тожикча.
- Гулчехра — гул юзли, ҳушрўй, соҳибжмол, чиройли, мафтункор, истарали, гўзал чеҳрали сулув қиз. Форс-тожикча.
- Дурдона — инжу донаси, аъло марварид; энг азиз, қадрли, чиройли, нафис, сулув қиз. Арабча, форс-тожикча.
- Ёрқиной — ҳаёти нурли ва ойдек сулув қиз ёки меҳрибон дилкаш қиз. Ўзбекча.
- Жамила — гўзал, соҳибжамол, мафтункор, нафис, сулув қиз. Арабча.
- Жумагул — жума куни туғилган гулдек сулув, зебо, гўзал қиз. Арабча.
- Зайнаб — тўлачадан келган, семиз, дуркун; келишган, гўзал. Зайнаб номи Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) қизларининг исми бўлган. Арабча.
- Зайнура — гўзал, зебо қиз. Арабча.
- Зарина — зарли, олтинли, зарланган, заррин, чиройли, гўзал, кўз қамаштирувчи ҳусн соҳибаси, сулув қиз. Форс-тожикча.
- Зебинисо — аёлларнинг энг гўзали, зебоси, зебу-зийнати, латофати, жозибали, мафтун қилувчи, ўзига ром этувчи чиройда тенг йўқ қиз. Арабча, форс-тожикча.
- Зебо — чиройли, гўзал, сулув, ҳусни жамоли нафис қиз. Форс-тожикча.
- Зульфия — сочи ўралиб туғилган, жингалак, жилвакор сочли қиз, сулув, латофатли, мафтункор зебо. Форс-тожикча.
- Зулхумор — хуморли, қўмсалган, орзиқиб, интизор бўлиб кутилган қиз ёки дилбар, мафтункор, жозибали, ишвали, ўзига ром этувчи. Арабча.
- Лайло — тунда туғилган қиз ёки нилуфар (сафсан)дек гўзал қиз. Қадимий яҳудий тилида: Лилия – Сафсангул. Арабча.
- Латофат — назокатли, меҳрибон, латофатли, покиза, шавқатли, зебо қиз. Арабча.
- Лола — лоладек яшнаган, нафосатли, чиройли. кўркам, гўзал қиз ёки лолалар очилган пайитда туғилган қиз. Форс-тожикча.
- Лобар — гўзал, кўркам, келишган, ёқимтой, нафис, ҳушфеъл, дилкаш қиз. Арабча.
- Малика — подшоҳнинг авлодига мансуб улуғ мартабали аёл. Шоҳбону, гўзаллар гўзали, маҳвашлар маҳваши, заковатли соҳиба. Маликалардек обрў-эътиборли бўлсин маъносида ҳам қўйилади. Ушбу исм соҳибаларидан бири Амир Темурнинг хотини, катта малика — Сароймулкхоним, Қозонхоннинг қизидир. Арабча.
- Малохат — гўзал, сулув, нафосатли, дилкаш, малоҳатли, кўркам қиз. Арабча.
- Мафзуна — латофатли, чиройли, гўзаллар ичида ягона, сулув ва нафосатли қиз. Арабча.
- Мохигул — ойдек сулув, чиройли ва гул каби кўркам қиз, ойнинг чеккасидаги гул. Форс-тожикча.
- Мохидил — ойдек гўзал, мафтункор, сулув, қалби пок, дили тоза, гўзал, фазилатли қиз. Форс-тожикча.
- Мубина — жозибали, истараси иссиқ, лобар, очиқ чеҳрали, ростгўй, латофатли, зебо қиз. Арабча.
- Наргиза — наргис (бўтагул)дек нозик, нафис, зебо, гўзал қиз, ифори таралувчан. Форс-тожикча, юнонча, ўзбекча.
- Нодира — тенги йўқ, ягона, тенгсиз, бебаҳо, беназир, нодир, бетакрор, беқиёс гўзаллик соҳибаси гўзал, латофатли, зебо қиз. Арабча.
- Нигора — гўзал чеҳрали, соҳибжамол, ўзига ром этувчи, мафтункор, латофатли, жозибали, гўзал, зебо, тенгсиз ҳусн соҳибаси, ёқимтой. Форс-тожикча.
- Нилуфар — нилуфар (савсан) ўсимлигидек чиройли, зебо қиз, ўзига мафтун этувчи. Ўзбекча, ҳиндча.
- Ойгул — ойдек сулув, гўзалликда ёрқин, гулдек зебо, нафис, чиройли, мафтункор, истарали қиз. Ўзбекча, форс-тожикча.
- Ойжамол — чеҳраси ойдек сулув қиз, ой юзли, ой сиймо, ойдек гўзал ҳусн соҳибаси, зебо, нафис, мафтункор қиз. Арабча, ўзбекча.
- Раъно — қизил гулдек гўзал, чиройли, латофатли, раъно гулдек сулув, пурлатофат қиз. Арабча.
- Санобар — ҳушқомат, чирой, дарахтнинг номи, санавбардек гўзал, келишган, ҳушбичим, сулув қоматли қиз. Арабча.
- Сахида — тўғри, барваста қадли, гўзал қоматли. Арабча.
- Хуршида — қуёшдек ҳусну жамол соҳибаси бўлган гўзал, сулув латофатли, зебо; офтобмонанд қиз, қуёш фарзанди. Форс-тожикча.
- Хуснида — гўзал ва чиройли хусн эгаси бўлсин деган ниятда. Арабча.
- Хусния — гўзал чеҳрали, чиройли, латофатли, мафтункор юзли, зебо қиз. Арабча.
- Хуснора — безанган, ўзига қараган, зебо қиз; ҳуснда тенгсиз, ўзига муносиб бўлган, мос тушган гўзал ҳусн, чирой ва латофат соҳибаси. Арабча, форс-тожикча.
- Хилола — янги ойдек кўркам қиз ёки янги ой чиққанида туғилган гўзал ҳуснли қиз. Арабча.
- Чарос — катта қора кўзли қиз, кўзлари чаросдек чиройли, жозибали, нафис, латофатли, сулув ва гўзал қиз. Ўзбекча.
- Шахло — катта қора кўзли қиз, гўзал, чиройли, сулув, мафтункор қиз. Арабча.
- Юлдуз — юлдуздек ёруғ юзли, нурли, чиройли, латофатли ва сулув қиз. Толеи юлдуздек юксак ва иқболи порлоқ, ҳаёти нурга тўла бўлсин. Ўзбекча.
